«Тери юзасида бўлгани, ичкарида ҳам бўлади, ичкарида бўлгани, тез орада юзага чиқади», - дейиди косметологлар. Шунинг учун ҳам ташқи таъсирнинг ўзигина тери соғлом кўринишга эга бўлиши учун етарли эмас. Мазкур масалага ойдинлик киртишда бизга 20 йиллик тажрибага эга косметолог, Украина врач-косметологлар ассоциацияси аъзоси Светлана Гнатюк ёрдам беради.
Ольга Виходченко суҳбатлашди.
Тери муаммосининг асосий сабаби организм ичида бўлса, энг қимматбаҳо крем ҳам ёрдам бера олмайди.
Француз аёллари: «Бурнингиз ёки сийнангиз шакли-шамойили сизга ёқмаса бу катта фоже эмас. Ташқи кўринишингизни бузиши мумкин бўлган энг ёмон нарса - касалманд тери», дейишади. Шубҳасиз, бу борада улар ҳақ! Ахир тери нафақат гўзаллик, балки бутун организм қай ҳолатда эканини билдирувчи тимсол.
Светлана Васильевна, одатда, мавсум алмашинувини касалликлар авж оладиган палла деб ҳисобланади. Тери соғлигига унинг қандай таъсири бор?
Мавсум алмашинуви ҳар доим организм учун стресс ҳолати десак, хато бўлмайди. Чунки бу пайтда организм янги шарт-шароитга ўрганиши, ҳаво ҳарорати, таомномадаги егуликлар, кундузги ёруғлик вақти (миқдори)нинг ўзгаришига мослашиши лозим бўлади. Мазкур жараёнда инсон организмининг эндокрин, асаб, овқат ҳазм қилиш, сингари қарийб барча тизимлари иштирок этади. Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг ўзгариши тери, сочлар ва тирноқларни озиқлантиришга масъул томирларга салбий таъсир кўрсатади. Қон микроайланиши бузилади ва оқибатда терида тошмалар, терининг қуриши ва тўкилиши кузатилади, терининг ранги “қочиб, жонсизланиб қолади”.
Бу жараёнда шунингдек, таомнома ҳам аҳамиятга эга. Совуқ тушган маҳал организм исиши учун калорияли – қувватли овқатлар талаб қилади, иштаҳа очилади, егуликлар кўпроқ ёғли ва бир мунча қувватлироқ тайёрланади. Бу ўз навбатида – овқат ҳазм қилиш тизимига қўшимча нагрузка дегани. Масумий зўриқишларга эса тери шубҳасиз реакция билдиради.
Демак, ошқозон-ичак тизими саломатлиги тери саломатлигига боғлиқ деган хулоса чиқади, шундайми?
Шубҳасиз! “Тери – организм ҳолатининг ойнаси” деган ибора бор. Гап шундаки, тери ҳам, ошқозон-ичак тизими тўқималари ҳам, асаб толалари ҳам эмбрионал шаклланиш давридаёқ битта япроқдан шаклланади. Шунинг учун организмимиздаги барча тўқималар ўзаро чамбарчас боғлиқ. Ичаклар фаолиятидаги ўзгариш тошмалар, терида аллергик тошмалар, доғлар ва бошқа қатор муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Реакция типи қатор омилларга боғлиқ: генетик мойиллик, организмнинг ўзига хос хусусиятлари, ҳаёт тарзи, кабилар. “Ингичка узилади”, деган гап бежизга айтилмаган! Терининг юрак, ошқозон сингари муҳим орган экани, унинг ҳам касалланиши ва албатта, даволаш зарур эканини унутмаслик керак.
Терига зарари тегадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам борми?
Ошқозон, жигар, ошқозоности бези ва албатта, тери саломатлиги учун ниҳоятда фойдасиз маҳсулотлар ҳам бор. Таомномада углеводлар, рафинадланган маҳсулотлар, хамир маҳсулотлари, ҳаддан зиёд ширинлик, алкогол кабилар ошқозонда бижғиш жараёнини юзага келтиради. Оқибатда фойдали моддаларнинг ҳазм бўлиши кескин пасайса, аксинча, токсинлар ва бижғувчан маҳсулотлар тўқималар ва томирлар орқали бевосита қонга сўрилиб, бутун организм бўйлаб тарқалади.
Дарвоқе, шамоллашни антибиотиклар билан даволаш ишқибозлари ва саломатлиги нуқтаи назаридан кучли таъсир қилувчи дорилар қабул қилишга мажбур кишиларни огоҳлантирмоқчиман. Ҳойнаҳой, дисбактериоз сизга яхши маълум. Шубҳасиз, бу XXI аср иллати! Ҳозир гап қандай қилиб касаллик чақирувчи бактерияларни ўлдириш устида эмас, балки нормал микрофлорани жойига қайтариш ҳақида кетаяпти. Агар ичакларда лакто- ва бифидобактериялар танқислиги сезилса, бу тери ҳолатида яққол намоён бўлади.
Бундай вазиятда Сиз қандай маслаҳат берасиз?
Барча тавсиялар индивидуал. Терини даволаш тактикасини белгилашда мижозлардан уларнинг қандай овқатланиши, диспептик характерга эга шикоятлари борми-йўқми, қабзият - ич қотиши ёки аксинча, ҳазм борасида азият чекишларини обдон суриштираман. Жиддий гастроэнтерологик муаммолар бўлмаса, интоксикациядан халос этишнинг ўзи кифоя. Масалан, киши ёғли таом танаввул қилган ёки кўпроқ овқат еб қўйган ёинки бирон бир экзотик таомдан татигандир, шунда булар тошма кўринишида терида реакция кўрсатган бўлса, бир неча косметологик муолажа ва сорбентлар билан даволаш мумкин.
Сорбентлар нимага зарурлиги тўғрисида батафсил сўзлаб берсангиз.
Косметолгияда адсорб моддалар анча вақтдан буён қўлланади. Олис замонларда кишилар тери соғлом бўлиши учун, организмни муҳим ҳаётий жараёнларига тўсиқ бўладиган шлаклар ва токсинлардан тозалаш лозимлигини яхши билган. Экология, пала-партиш овқатланиш, стресслар алал-оқибат организмнинг шлаклар билан “кирланишига” олиб келади, ичакларда бижғитувчи ва заҳарловчи моддалар йиғилади, ўз навбатида қонга сўрилиб, бутун организмни заҳарлай бошлайди. Энг қимматбаҳо крем ҳам бундай ҳолатда етарли самара бермаслиги аниқ, зеро муаммонинг боши организмнинг ичида. Детокс деган тушунча бор. Ошқозон-ичак тизими, қон, жигар ва умуман организмни тозалашни таклиф этадиган ихтисослашган клиникалар фаолият кўрсатади. Уй шароитида енгил детокс ўтказмоқчи бўлсангиз, сорбентлар айнан сиз учун. Уларнинг номланиши ва турлари анчагина. Мижозларимга одатда, мажмуавий сорбентлар қабул қилишларини маслаҳат бераман. Булар таркибига абсорбловчи моддадан ташқари яна лактулоза ҳам киради. Лактулозани ичакларимиздаги лакто- ва бифидобактериялар кўпроқ хуш кўради. Бу уларнинг ўзига хос озуқаси. Ичакларни шлаклар ва касаллик чақирувчи микрофлорадан тозалашнинг ўзи етарли эмас. Фойдали микроорганизмларни рағбатлантириб туриш алоҳида аҳамиятга эга. Натижада ичаклар биоценози яхшиланади, иммунитет кўтарилади, фойдали моддалар ичак тўқималарига фаолроқ сўрилади.
Аллергик тошмаларда сообентларнинг таъсири қандай?
Таъсири ва самараси жуда катта ва нимада эканига тўхталаман. Тез ва секин намоён бўладиган аллергик реакциялар бўлади. Баъзи бировларга заррадек модда ҳам зудлик билан таъсир қилиши ва унга қарши кучли аллергик реакция кузатилиши, ҳатто анафилактик шок даражасига қадар бўлиши мумкин. Буни тез аллергик реакция дейишимиз керак. Бундай кишилар бир умр аллергенлардан узоқроқ юриши лозим бўлади. Шу билан бирга секин намоён бўладиган аллергик реакциялар борлигини билиш муҳим. Қандайдир модда организмда узоқ вақт йиғилиб боради ва вақт ўтиши билан тошмалар, қичима ёки бўғма кўринишида ўзини кўрсатади. Айнан мана шу ҳолатларда сорбентлар ёрдамга келади. Улар аллергенлар, токсин, метаболитларни ўзаро бириктириб, организмдан чиқара бошлайди ва бу билан иммун тизимига аллергенларга қарши курашишига кўмаклашади.
Сорбентларни қанча муддат қабул қилиш керак ва улардан қай бири яхшироқ?
Сорбентларни қанча муддат ва қай миқдорда қабул қилиш бемор ҳолатига боғлиқ. Агар терингизда қандайдир муаммолар бўлмаса, профилактика курсини мавсум алмашадиган пайтни мўлжаллаб, йилига икки марта ўтказиш мумкин. Аксина, терида муаммолар бўлса, даволаш муддати индивидуал танланади ва ўртача 2-3 ҳафтани ташкил этади. Нима бўлган тақдирда ҳам, уйдаги дори қутида ҳамма вақт бир қути сорбент тургани маъқул. Кўнглингизга ёқмайдиган, экзотик егулик танаввул қилиб қўйсангиз ёки саёҳатга отлансангиз, бир жуфт таблетка сизни бўлажак муаммодан халос этади.
Аниқ сорбент тўғрисида гапирадиган бўлсак, шахсан мен янги препаратлар авлодини тавсия қиламан. Улар таркибида абсорбловчи моддалар ва лактулоза бўлади. Аввал айтганимдек, детокс самарасидан ташқари улар ичакларнинг соғлом микрофлорасини тиклашга ёрдам беради ва натижа кўнгилдагидек бўлади. Айни пайтда сорбентлар паста, кукун, гель, капсула кўринишида ишлаб чиқарилмоқда. Менга эса таблетка кўринишадигилари маъқулроқ. Уларни дозасини белгилаш осон, ўзингиз билан олиб юриш ва қабул қилиш ўнғайроқ. Мазкур препаратларни қабул қилиш қоидаларини унутманг: овқатгача бир соат ёки овқатлангандан кейин 1-1,5 соат ўтказиб ичилади.
Терисида муаммо бўлган кишиларга қандайдир пархез тавсия қилинадими?
Соғлом овқатланиш қоидаларини ҳеч ким бекор қилган эмас ва бу соғлом кишиларга ҳам тааллуқли. Қоидалар оддий ва маълум: камроқ қовурилган ва ёғли, хамир ва шакарли таомлар, кўпроқ клетчаткали, мева ва сабзавотлар, буғда ва димлаб пиширилган егуликлар. Буни пархез ҳам деб бўлмайди, балки соғлом егуликлар, таомлар, десак тўғрироқ бўлади. Пархезларга ҳаддан ташқари ружу қўйиш ҳам фойдадан кўра, аксинча, соғлиққа зарар етказиб қўйиши мумкин. Мисол учун, мунтазам равишда озишга муккасидан кетган аксарият қизларнинг терисида муаммо бўлади. Айниқса, пархез аппаратли муолажалар билан олиб борилганда муаммо жиддийлашади (мезотерапия, антицеллюлит массажлар, миостимуляция ва ҳ.к.). Гап шундаки, ёғ ҳужайралари бузилиш асносида таркибидаги токсинлар ва захирадаги озуқани қонга бевосита сингдиради. Оқибатда умумий ҳолатга путур етади, тери эса турли хилдаги тошмалар билан реакция билдиради. Ҳайрон бўлишингиз мумкин, аммо айнан мана шундай ҳолатларда ҳам сорбентлар ёрдам бера олади. Улар интоксикацияни олади, парчаланаётган овқатлардан организмга етадиган зарарни камайтиради. Биз хасталикларни алоҳида даволашга ўрганганмиз. Мисол учун қайсидир дори таблеткаси бу касалликка, бошқаси эса нариги хасталикка даво. Аммо унутманг, организм яхлит бир тизим ва ундаги барча органлар ўзаро бевосита боғлиқ. Ҳар қандай салбий таъсир, стресс ёки чекиш (айниқса чекиш!), кам уйқу ёки рацион ўзгариши дарҳол тери ҳолатига таъсир кўрсатади. Яхшиямки, буни ўз жойига қайтарса бўлади. Ҳаёт тарзингизни яхшилаш, саломатлигингиз хусусида ўйлаб, тартиб-қоидаларга амал қилиш орқали терингиз соғлигини ҳам тиклай оласиз.
Терини тозалаш учун қандайдир косметик муолажалар шартми? Нималарни маслаҳат берасиз?
Ташқи тозалаш ҳам зарар қилмайди. Крем таркибидаги фойдали моддалар терининг чқур қатламларига етиб бориши учун, тери ҳужайралари “нафас” олиши керак. Терида излар ёки доғлар қолдирадиган механик тозалаш муолажаларига кейинги пайтларда камроқ мурожаат қилинаяпти. Бугун зарар етказмасдан, аксинча даво бўладиган ва терининг ўзини ўзи тозалашига ёрдам берадиган препаратлар талайгина. Булар сирасига энзим пилинг ва мева кислотали таркибли пилинглар, табиий асосли енгил скраблар, зардобларни киритиш мумкин. Улар билан амалга ошириладиган муолажалар кишига хуш ёқади ва мутлақо безарар.
Терини ҳар куни тозалаш лозимлигини унутманг. Юз-кўзлардаги пардозни тозаламасдан уйқуга ётманг. Барча мижозларимдан ягона илтимосим – ҳеч қачон совунда ювинманг. Махсус геллар, сут, кўпикдан фодаланиш мумкин, зотан совун таркибидаги қўшимчлар сувдаги минераллар билан аралашган чоғда кўринмас плёнка ҳосил қилиб, тери ҳужайраларини беркитиб қўяди ва унинг “нафас” олишига тўсқинлик қилади.Натижада эса тери қурийди, аллергияга мойиллик ортади, терида таранглашув ҳисси ортади. Юз ювишга бироз кўпроқ вақт ажратсангиз, натижа узоқ куттирмайди. Терингиз соғломлашиб, унинг кўриниши гўзаллашиб сизга миннатдорлик билдиради. Тўғри, тозалагандан кейин албатта терини ҳимоялаш ва намлантириш ҳам аҳамиятга эга. Бунинг учун эса ёш, тери типи ва умуман терингизга мос кремни танласангиз, кифоя.
Светлана Васильевна, кундалик парвариш учун яна бир неча маслаҳат берсангиз.
Юқорида айтганларимга қўшимча қилиб, тиниқиб ухланг, демоқчиман. 8 соатлик уйқу – тери саломатлиги учун минимум ҳисобланади. Инсон ухлаганда ва фақат тунда содир бўладиган жараёнлар мавжуд. Бундан ташқари, кремлар ва бошқа косметик воситалар айнан инсон уйқуга кетганида самаралироқ таъсир кўрсатади. Бежизга “Сиз ухлаётганингизда, тунги кремингиз ишлайди” дейишмайди. Мабодо чексангиз, илтимос, зудлик билан ташланг! Никотин – тери учун энг хатарли ва агрессив моддалардан бири. Албатта, камроқ асабийлашинг. Ҳаётга одийроқ нигоҳ билан қаранг, ўзингизни севинг, юз ва баданингиз терисини мунтазам парваришланг ва шунда ҳар қандай ёшда ҳам терингиз гўзал ва мафтункорлигини йўқотмайди!